top of page

ҚЎҒИРЧОҚЛАР


Уйда набиралар ўйнар қўғирчоқ, Бири пластмасса, бири латтадан. Орқадан калитин бурасанг бироқ, Қимирлаб чиқарар овоз дафъатан.

Ойнаи жаҳонни қўйсанг ногаҳон, Ўнта қўғирчоқни ўйнатар кимдир. Бири бўри бўлса, бирови қуён, Бири бола бўлса, бошқаси кампир.

Қай бир идорага боқсанг гар ўтиб, Қўғирчоқ шовқини келар ростакам. Сакраб ўйнашади ўзидан кетиб, Бошлиқ бураб турар мурватин ҳар дам.

Асло ишим йўқдир бу билан, аммо Ногоҳ диққатимни тортади улар. Ўйлардим, қўғирчоқ эмасдир дунё, Камаяди десам, ортади булар.

Мен бу ўйингоҳга қарайман ҳайрон, Қўғирчоқлар билмас борар ерини. Жойи циркдамикин ёки ғаладон, Кутади ўзининг Шекспирини.

22.02.2016


Arxiv
bottom of page